Мамлакатимиз ҳаётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш янги босқичга кўтарилмоқда

Бугунги кунда, жамият ҳаётининг қайси жабҳаси бўлмасин ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шунга мувофиқ, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, шундай чора-тадбирларнинг янги босқичини, устувор вазифаларни белгилаб беришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон Фармони алоҳида аҳамиятга эгадир.

Ушбу Фармон Республикада рақамли индустрияни жадал ривожлантириш, миллий иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Фармон билан “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси, 2020 — 2022 йилларда ҳудудларни рақамли трансформация қилиш дастурлари, 2020 — 2022 йилларда тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари, ҳудудлардаги 29 та намунавий туманларда (шаҳарларда) 2020 йилда ва 2021 йил I чораги якунига қадар рақамли трансформация қилиш лойиҳаларини кўзда тутувчи “йўл харита”лари ҳамда стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харита”лари тасдиқланиб, уларда амалга ошириладиган тадбирлар, уларнинг муддатлари ва масъул ижрочилари аниқ белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, Фармон билан Стратегияни амалга оширишни мувофиқлаштириб борилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раислигида комиссия тузилди.

Ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича масъул шахсни белгилаш мақсадида 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида амалдаги раҳбар ўринбосарларидан бирига рақамлаштириш бўйича ўринбосар (Chief Digital Officer) ваколатлари юклатилиб, уларнинг устувор вазифалари белгилаб қўйилди.

Фармон билан тасдиқланган Стратеги иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимининг жадал рақамли ривожланишини таъминлаш, шу жумладан электрон давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, қуйидагилар рақамли ривожланишнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари этиб белгиланган:

Рақамли инфратузилмани ривожлантириш;

Электрон ҳукуматни ривожлантириш;

Иқтисодиётнинг реал секторида рақамли технологияларни ривожлантириш;

Рақамли технологиялар миллий бозорини ривожлантириш;

Ахборот технологиялари соҳасида таълим бериш ва малака ошириш.

Шунингдек, Стратегияда ҳар бир йўналиш бўйича амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинган ҳамда унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун мақсадли кўрсаткичлар тасдиқлаб қўйилган.

Ушбу Фармонда белгиланган вазифаларнинг ижроси таъминланиши жамият ҳаётида рақамли технологиялар янада кенг татбиқ этилишига ҳамда мамлакатимизнинг халқаро рейтинги янги поғоналарга кўтарилишига хизмат қилади.

 

Жамғарма юридик маслаҳатчиси

С.Худайназаров

Yaratilgan vaqt: 05.04.2021
Ko‘rishlar soni: 1680