Почта алоқасини, ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни бошқаришни янада такомиллаштириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш жараёнларини чуқурлаштириш ва шу соҳага хорижий сармояларни жалб этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 23 июлдаги «Ахборот тизимлари соҳасини қайта ташкил этиш ва бошқаришни такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-1823-сон фармони имзоланган.
Ушбу фармонга асосан Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги ҳузурида Почта ва телекоммуникацияларни давлат йўли билан қўллаб-қувватловчи бюджетдан ташқари Жамғарма ташкил қилинган.
Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолият кўрсатишининг ташкилий-ҳуқуқий базасини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 28 августдаги «Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тўғрисидаги ҳамда Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 420-сон қарорига асосан Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқланган.
Ахборотлаштиришнинг миллий тизимини шакллантириш, иқтисодиёт ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида замонавий ахборот технологияларини, компьютер техникаси ва телекоммуникация воситаларини оммавий равишда жорий этиш ҳамда улардан фойдаланиш, фуқароларнинг ахборотга ортиб бораётган талаб-эҳтиёжларини янада тўлиқроқ қондириш, жаҳон ахборот ҳамжамиятига кириш ҳамда жаҳон ахборот ресурсларидан баҳраманд бўлишни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 30 майдаги «Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида » фармони имзоланган.
Мазкур фармон билан Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бюджетдан ташқари жамғармасининг номи Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси деб ўзгартирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида» 2002 йил 30 майдаги ПФ-3080-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида фаолиятни ташкил этиш ва такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 23 сентябрдаги «Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида бошқарувни ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида»ги 328-сон қарори имзоланган.
Ушбу қарорнинг 2-иловаси билан «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида»ги Низом, 3-иловаси билан Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг бошқарув аппарати тузилмаси тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар технологиялари давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2012 йил 23 октабрдаги ПҚ-1836-сон қарорига мувофиқ, шунингдек иқтисодиёт тармоқларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш жараёнларида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг ролини ошириш ва иштироки кўламларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 декабрда «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасини янада ривожлантириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш тўғрисида»ги қарори имзоланган.
Мазкур қарор билан Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси бошқаруви аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси Кенгаши таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқланган.
Қуйидагилар Жамғарманинг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
а) ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган манбалардан тушган маблағларни жамлаш;
б) Жамғарма ҳисоб рақамларида жамланган маблағлардан:
- давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизимларини жорий этишни, маълумотлар узатишнинг идоралараро тармоқларини ташкил этишни, «Электрон Ҳукумат» тизимларини ва давлат буюртмаси доирасида амалга ошириладиган қидириш тизимларининг миллий сегментини шакллантириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва кузатиб боришни;
- халқаро стандартларга мувофиқ ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболларини ҳисобга олган ҳолда алоқа, телевидение ва радиоэшиттириш соҳасида телекоммуникация тармоқлари ва тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилишни;
Интернет тармоғининг миллий сегментини шакллантиришни, турли йўналишдаги замонавий маҳаллий ахборот ресурсларини, шу жумладан аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг ахборотга бўлган ва интеллектуал эҳтиёжларини қондириш учун тармоқ ресурсларини шакллантиришни;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси аппарати фаолиятини ходимларни қўшимча равишда моддий рағбатлантириш ва моддий-техника базани мустаҳкамлаш юзасидан; (ЎзР ВМ 27.06.2015 й. 171-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимига кирувчи телекоммуникация ва ахборот тизимлари устидан бошқариш ва назорат қилиш органларини, шунингдек алоқа объектлари давлат кадастри хизматлари, электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказлари фаолиятини, терминология ва луғатларни, стандартлаштириш бўйича базавий ташкилотларни ва базавий метрологик хизматни, шунингдек ахборотлаштиришни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича мустақил даромад манбаига эга бўлмаган хизматларни ривожлантиришга кўмаклашишни; (ЎзР ВМ 27.06.2015 й. 171-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Республика ахборот-кутубхона марказининг фаолиятини;
ахборот ва почта хавфсизлиги, телекоммуникация тармоқлари тизимини, ахборот тизимлари ва ресурсларини ҳимоя қилиш технологияларини жорий этишни, замонавий талаблар ва стандартларга мувофиқ ахборот ва почта хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник инфратузилмани ривожлантиришни;
танлов асосида танлаб олинадиган алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасини реконструкция қилиш, уларни ривожлантириш ва компьютерлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни;
эфирга рухсат берилмаган чиқишларнинг ва давлат тузилмалари радио воситаларига тўсқинлик қилишнинг олдини олиш мақсадида радио частота спектридан фойдаланиш устидан давлат назорати учун махсус назорат-ўлчов техникаси сотиб олиш харажатларини қисман қоплашни;
ахборот-коммуникация технологияларининг сифатли воситаларини ва маҳаллий дастурий маҳсулотларни, шу жумладан, ижтимоий-кўнгилочар ва таълим йўналишидаги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришни;
қишлоқ жойларда хизматлар кўрсатувчи алоқа, радиоэшиттириш ва телевидение ташкилотларига вақтинча молиявий ёрдам беришни;
Ўзбекистон Республикасининг қишлоқлари ва чекка аҳоли пунктларининг телекоммуникация инфратузилмасини мақсадли қайта жиҳозлаш ва янада ривожлантиришни;
операторлар ва провайдерлар томонидан кўрсатиладиган универсал алоқа хизматларини ривожлантиришни;
дастурлаштириш, тизимли маъмуриятчилик, компьютер дизайни, анимациялар ва ахборот технологияларининг бошқа йўналишлари бўйича танловлар, мусобақалар ва беллашувлар ўтказиш йўли билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассислар фаолиятини рағбатлантиришни;
лицензиялар берилганлиги, абонент рақамидан фойдаланганлик учун мобил алоқа операторлари томонидан тўланадиган тўлов, алоқа соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслардан олинган жарима санкцияларининг ундиришдан тушган маблағлар суммасининг 5 фоизи миқдорида давлат божи Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ажратилиши бўйича харажатларни молиялаштиришда фойдаланиш.