Ёшларга сертификатлар топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича белгилаб берган 5 та муҳим ташаббуслардан учинчиси: аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган бўлиб, бу борада Навоий шаҳрида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳусусан, ушбу ташаббус доирасида 2019 йилнинг ноябрь ойида Навоий шаҳрида Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилди ва бугунги кунда ўз фаолиятини юритиб келмоқда.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети қошида ташкил этилган ушбу ўқув марказининг Навоий шаҳрида жойлашган филиалида навоийлик ёшлар компьютер саводхонлиги, робототехника, веб-дизайн асослари, электрон тижорат сингари бир қатор йўналишларда сабоқ олдилар.

Куни кеча Навоий шаҳрида Рақамли технологиялар ўқув маркази ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармасининг масъул ходимлари иштирокида, ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 37 нафар ёшларга сертификатлар топширилди.

Yaratilgan vaqt: 28.01.2020
Ko‘rishlar soni: 2373