«StarTTech» ИТ-конференцияси бўлиб ўтди.

2020 йил 10 январь куни Тошкент шаҳрида «StarTTech» конференцияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда ИТ- Парк томонидан ўтказилган ушбу тадбирда дастурий маҳсулотлар бозорининг замонавий тенденциялари муҳокама қилинди.
Ушбу конференцияда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Умаров иштирок этди.
Конференция давомида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парк - ИТ-Парк томонидан ўтган бир йил давомида амалга оширилган лойиҳалар, келгусидаги юксак режалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.
ИТ-Парк – истиқболли стартап лойиҳаларини ишга тушириш ва бозорга чиқаришни таъминлаш учун мўлжалланган, шу жумладан, илмий ва илмий-маърифий ташкилотлар билан интеграциялашган объектлар, бино ва иншоотлар, шунингдек жиҳозлар мажмуи ҳамда фаол иқтидор эгалари ўз ғояларини реал бизнес лойиҳаларига айлантириш учун ҳақиқий имкониятга эга бўладиган бухгалтерия ҳисоби, ҳуқуқ, маркетинг ва илмий-маърифий қўллаб-қувватлаш топа оладиган маскандир.
Анжуманда иштирокчилар дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган АКТ соҳаси таниқли мутахассисларининг қизиқарли маърузаларини тинглаш, ИТ-Паркнинг йил якунлари ва истиқболли режалари билан танишиш, шунингдек маҳаллий ИТ-компаниялар вакиллари билан суҳбатлашиш, энг муҳими ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, янги лойиҳалар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Таъкидлаш лозимки, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсадлардан бири Ўзбекистон Республикасида ИТ таълими, резидентлик ва истиқболли лойиҳалар соҳасида ҳамкорликни кучайтириш учун ИТ соҳасидаги ҳамфикр ҳамкорларни бирлаштириш ва шу орқали ушбу йўналиш истиқболларини белгилашдир.
«StarTTech» конференцияси 4 та сессияга, яъни ИТ соҳасининг стартап экотизимлари, венчур молиялаштириш, ИТ таълими ва ИТ-марказлар, ИТ-экспортни ривожлантириш каби долзарб йўналишларга бўлинган ҳолда ўтказилди.
Ҳар бир сессияда халқаро даражадаги таниқли соҳа мутахассислари Алексей Плотников, Сергей Богданов, Сергей Бражник,Баҳром Файзутдинов ўз тажрибалари ва янги лойиҳалари билан ўртоқлашдилар.

Yaratilgan vaqt: 10.01.2020
Ko‘rishlar soni: 550