Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири сенаторлар томонидан берилган саволларга жавоб берди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқов сенаторлар томонидан берилган саволларга жавоб бериб, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармонлари билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини ташкил этиш мақсадида Вазирликнинг тармоқ дастури ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Шу муносабати билан бугунги кунда Вазирликнинг 2020 йилдаги энг устувор вазифаларидан бири, ижтимоий соҳа объектлари умумтаълим мактабларини 70 фоизга, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини йил охиригача 100 фоиз тезкор интернетга улаш вазифалари турибди.

Бу ўз навбатида ёш авлоднинг замонавий билим олиши, беморларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш борасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 490 мингта Интернет тармоғига кенг полосали уланиш портлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 2,5 миллионга етказилди.

Бундан ташқари, 9 минг километрга яқин оптик толали алоқа линиялари қурилиб, оптик алоқа линиялари кенгайтирилмоқда.

Маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказлари даражасида 2 баробарга, туман марказлари даражасида эса 4 баробар ошди.

Мобил алоқа қамровини кенгайтириш мақсадида 1 375 та мобил алоқа база станциялари ўрнатилиб, уларнинг жами сони 27,4 мингтага етказилди ва аҳоли масканларида мобил алоқа қамрови 97 фоизни ҳамда юқори тезликдаги мобил интернет қамрови 78 фоизни ташкил этди.

Аҳолининг кенг полосали мобил интернет хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида «Ўзбектелеком» АК «Ўзмобайл» филиали томонидан мавжуд 1 000 дан ортиқ база станциялари кенг полосали технологиялар асосида модернизация қилинди.

Жиззах эркин иқтисодий зонасида Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан биргаликда 11 миллион долларга тенг, йиллик қуввати 50 минг километр оптик толали кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди.

Телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш ишлари асосида мавжуд 19 341 та ижтимоий соҳа объектларидан бугунги кунга қадар 11 595 тасида (60 фоиз), жумладан 10 115 халқ таълими объектларидан 5 659 тасида (56 фоиз), 5 707 та мактабгача таълим муассасаларидан 3 723 тасида (65 фоиз) ва 3 519 та соғлиқни сақлаш объектларидан 2 213 тасида (63 фоиз) оптик толали алоқа линиялари асосида юқори тезликдаги Интернет хизматларидан фойдаланишга имконияти яратилди.

Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида йил якунига қадар 153,7 миллион доллар миқдоридаги лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.

Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан контактсиз алоқа шаклларини янада такомиллаштириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали (https://my.gov.uz) жорий этилган. Бугунги кунда Ягона портал орқали 200 тадан ортиқ электрон давлат хизматлари тақдим этиб келинмоқда.

Ушбу хизматлар бўйича йил бошидан бери 1,4 миллионта аризалар келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,1 фоизга ошди.

Ягона порталда жорий қилинадиган ва такомиллаштириладиган оммабоп давлат хизмати рўйхати тасдиқланган бўлиб, уларни амалга ошириш натижасида йил якунига қадар умумий хизматлар сони 230 тадан ошади.

Жумладан, кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш, иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотнома олиш хизматлари жорий қилиниши ҳамда архитектура-режалаштириш топшириғини олиш, кадастр паспортини рўйхатдан ўтказиш, ипотека кредитлари бўйича давлат субсидиясини олиш хизматларининг такомиллаштирилиши режалаштирилган.

Яратилган вақт: 08.08.2020
Кўришлар сони: 302