2020 йил бошидан буён 160 дан зиёд янги база станциялари фойдаланишга топширилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, «Ўзбектелеком» АК «Мобил алоқа тармоғини модернизация қилиш ва кенгайтириш» лойиҳаси доирасида Республика бўйлаб 160 дан зиёд объектларда база станцияларини ишга туширди. Янги база станцияларнинг аксарият қисми қишлоқ ва чекка ҳудудларда фойдаланишга топширилди.
Янги антенна-мачта иншоотлари, база станциялари ва замонавий қурилмаларнинг ўрнатилиши кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини оширишга ва қамров зоналарининг кенгайишига ҳамда тезкор мобил Интернет технологиялари жорий этилишга хизмат қилади.

Ҳозирги кунда модернизация ишлари Тошкент шаҳри, Сирдарё, Андижон, Тошкент, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ниҳоясига етган. Шунингдек, айни кунларда Хоразм вилоятида модернизация ишлари муваффақиятли якунланди. Амалга оширилган ишлар натижасида, UZTELECOM мобил алоқа тармоғи таянч станцияларининг аксарият қисми 4G LTE технологиясини қўллаб-қувватламоқда.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам модернизация жараёнлари изчил давом этмоқда.

Yaratilgan vaqt: 09.07.2020
Ko‘rishlar soni: 878