Муқаддас айём - Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Муҳтарам ватандошлар!

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси жамоаси бутун халқимизни мўътабар, қадрли, саодатли, улуғ айём - Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этади.

Муқаддас Ислом динининг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари янада ёрқин намоён бўладиган ушбу шукуҳли кунларда барчамиз, шукроналар айтамиз.

Рамазон ойининг файзу тароватидан баҳраманд бўлиб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, муҳтарам нуронийлар, аёллар ва болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларга беғараз ёрдам бериш сингари савобли ишларни амалга оширишга интиламиз.

Бундай олижаноб мақсад ва ҳаракатлар мамлакатимизни тараққий топган давлатлар қаторига олиб чиқиш, халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг экани эътиборлидир.

Буюк бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, «Чинакам мусулмон ўзига раво кўрган барча яхшиликларни бошқа инсонларга ҳам раво кўради».

Дарҳақиқат, ҳаётда эзгу ва савоб амалларни бажариб, оиласи, фарзандлари, эл-юртининг бахту саодатини ўйлаб, ҳалол меҳнат қилиб яшаш мусулмон аҳли учун имон-эътиқоднинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ишонамизки, бугунги ҳаётнинг ўткир талаби бўлган илм-фан, ахборот-коммуникация технологиялари ва тараққиёт ютуқлари ва дину диёнатимиз ва замон руҳини қалбимизга чуқур сингдириб, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилсак, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга, албатта, эришамиз.

Нияти пок, мақсади улуғ халқимизнинг шу табаррук кунларда қилаётган барча ибодатлари, эзгу дуолари ижобат бўлсин!

Муқаддас айём – Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

Яратилган вақт: 24.05.2020
Кўришлар сони: 258